Аллоҳ таборак ва таоло бандаларига янада осон бўлмоғи учун инсонларнинг орасидан чиққан энг севимли қули ва расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларини сизу биз учун ибрат мактаби қилиб қўйди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий шоиста ҳаётлари, у кишининг завжаи муҳтарамалари билан бўлган муносабатлари умматлари учун намуна бўлиб хизмат қилади. Аллоҳнинг Каломи ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашган кишининг икки дунёси ҳам обод бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илк уйланган аёли Хадича розияллоҳу анҳо онамизнинг яхшиликлари, феъл-атворлари ҳақида қанча гапирмайлик, оз бўлиб қолаверади. Ул муҳтараманинг хулқларини ўрганганимиз сари динимиз ва турмушимиздаги баъзи масалаларга ҳам ўз-ўзидан ечим топиб бораверамиз. Чунки пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам яқинларининг хулқлари динда айтилган хайрли хулқ сифатларига мутаносибдир.
Хадича розияллоҳу анҳо онамизнинг тутум ва хулқлари Аллоҳ таоло ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам хоҳлаганлари каби эди.
Ушбу рисола Пайғамбаримизнинг аёллари, у зотга илк иймон келтирган зоти шарифа, барча мўминларнинг онаси - Ҳадича розияллоҳу анҳо ҳаётига бағишланган. Унда Хадича онамизнинг болаликлари, оилалари, Пайғамбаримизга қандай турмушга чиққанлари, Ислом дини йўлида чеккан машаққатлари ҳикоя қилинган.
Асар Ислом дини тарихи билан қизиқувчи китобхонлар оммасига мўлжалланган.
Нашрга тайёрловчи: Таваккал Кенжаев