Ҳадис илми илмларнинг энг шарафлиси, энг афзали, толиби илм учун энг муҳимларидандир. Зеро, у шаръий далилларнинг иккинчи манбаси, усул ва аҳкомларнинг асосидир. Толиби илмлар, исломий илмларга қизиқувчилар Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримдан кейин эътибор қаратишлари лозим бўлган илм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Билиб қўйингларки, менга Китоб билан бирга унинг мисли ҳам берилди», деб айтганлар (имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар). Бинобарин, Қуръон билан суннат ҳужжат-далил мезонида тенг бўлиб, рушду ҳидоятнинг асосидир.
Доктор Муҳйиддин Муҳаммад Аввома ушбу рисолада саҳиҳ ва Ҳасан ҳадисларни тўплаган бўлиб, уларнинг ҳажми кичик, иборалари енгил, ёдлаш учун осондир. Ибодат, муомала, ахлоқ-одоб, тарбия ва бошқа мавзуларга оид ушбу ҳадислар Исломнинг мадори бўлган ҳадислар жумласидандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал фазилатларидан, ижобий сифатларидан бири «жаво-меъул калим» бўлиб, қисқа, лўнда сўзлар билан олам-олам маъноларни ифодалаш қобилияти эди. Ушбу тўплам ҳам ана шундай мўъжаз, аммо шомил маъноларни ўзида мужассам қилган ҳадислардан иборат бўлгани боис китобни шундай номладик.