Буюк муҳаддис Абу Исо Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Шамоили Муҳаммадия" китоби Ислом оламида шуҳрат қозонган, мўътабар саналган манбадир. У ўзининг ажойиб услуби билан кенг китобхонлар эътиборига тушган, мағрибу машриққа донғи кетган. Бу муборак китобда башариятнинг энг афзал вакили, анбиёлар саййиди Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ташқи кўринишлари, улуғ хислатлари, юксак хулқлари, гўзал муомалалари ҳақидаги ҳадислар келтирилган.
Саҳобалар севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни шу қадар аниқлик билан васф қилишганки, китобни ўқиганда худди у зотни кўргандек бўласиз. Асҳоби киром Расулуллоҳнинг юзлари, кўзлари, қошлари, киприклари, сочлари, қўл-оёқлари, юришлари, ўтиришлари, кийинишлари, овқатланишлари, ибодатлари, одамлар билан муомалалари қандайлигини тиниқ тавсифлаб беришган. Имом Термизий ана шундай ҳадисларни “Шамоил"да жамлаган, уларни моҳирона тартиблаб, бобларга ажратган.
Мўмин банда Расули акрам алайҳиссалом ташқи кўринишлари, олий фазилатлари ҳақида билиши лозим маълумотлар мана шу китобда бор. Уни қунт билан ўқиган киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос гўзал сифатларни ўрганади. Бу билан унинг имони мустаҳкамланади, Расулуллоҳга ҳурмат-эътибори, муҳаббати ортади.
Таржимон ва шарҳ муаллифи: Зиёвуддин Раҳим