Китоблар бор, ўқишни бошлаб беш-олти... ўн... нари борса йигирма бетдан нари ўтолмайсиз. Китоблар бор, минг бир азобда ўқиб тугатасизу, кетган вақтингизга ачинасиз. Китоблар бор, ўқиб чиқиб, дилингиз яйрайди, маънавий озиқ оласиз. Китоблар бор, бир ўқишда бош кўтармасдан тугатасиз, қайта-қайта ўқийсиз, у бир умр иш столингиз, ёстиғингиз остида турувчи гавҳарга айланади.
Ушбу мўъжазгина қўлланма ана шундай дурдона китоблар сарасига киришига умид қиламиз. Негаки, эндигина мустақилликка эришган қалоқ бир давлатни қисқа муддат ичида дунёнинг ривожланган давлатларидан бирига айлантира олган Ли Куан Юнинг “Сингапур мўъжизаси” сирларини билиш ҳар бир миллатпарвар ва фидоий китобхон “Сингапур мўъжизаси” дан ўз юрти равнақи йўлида фойдаланишни дилига туйиши табиий.
Кўпчилик мутахассислар азму-шижоатда, ғайрату жасоратда, ақлу-заковатда Ден Сяопин, Ли Куан Юга қиёс этилаётган Президент Ш.Мирзиёевнинг кейинги уч йилда амалга оширган туб ислоҳатларининг моҳиятини тушуниб етиш, уларнинг истиқболига ишонч кўзи билан қараш ҳамда қўллаб-қувватлаш учун мазкур рисола ҳар бир раҳбар, ҳар бир тадбиркор, ҳар бир юртдошимизнинг кундалик қўлланмасига айланмоғи даркор.
Илму фанга эътибор, жамиятда муаллимларнинг мақомини кўтариш, коррупцияга қарши беаёв кураш, тадбиркор ва инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг туризм салоҳиятини кўтариш, қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ва бошқа кўплаб устивор вазифаларни амалга оширишда Сингапур тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга бўлишини инобатга олганда рисоланинг қадр-қиммати янада ёққолроқ намоён бўлади.
Китобча катта-кичик барча раҳбарлар, ишбилармонлар, олимлар, изланувчилар, хуллас Ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган кенг китобхонлар учун мўлжалланган.