Ушбу рисоладан Ислом оламида энг машҳур бўлган, тасаввуф дунёсида энг кенг тарқалган нақшбандия тариқатининг моҳияти, тарихи, унинг тасаввуф оламида тутган ўрни ҳақида энг керакли маълумотлар ўрин олган.
Асарда ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошлаб, машҳур саҳобаи киромлар, тобеъинлар, сўнг Боязид Бистомий, Бухоронинг етти пирлари, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, Имом Раббоний каби тариқатнинг улуғларига бўлган табаррук силсила – тариқат силсиласининг ҳар бир бўғинида турган зотларнинг қисқача таржимаи ҳоли баён қилинган. Сўнг нақшбандия тариқатидаги уч йўл – Аллоҳ таолонинг зикрида бардавом бўлиш, муроқабада бўлиш ва муршидга итоатда бўлишнинг баёни келтирилган. Рисоланинг давомида эса нақшбандиянинг ўн бир асосли дастури, зикрнинг фойда ва самаралари, зокирнинг одоблари, муҳосаба каби муҳим масалалар ёритиб берилган.
Шундан сўнг амалий кўрсатмаларга ўтилиб, нақшбандия тариқатидаги кундалик вазифалар, вирдлар ва уларнинг тафсилоти, далил-ҳужжатлари, турли муносабатларга оид зикрлар тавсифи берилган. Рисола якунида эса хатми хожагон, унинг тартиби, одоби ва уни адо этишга оид маълумотлар келтирилган.