Мазкур китобда толиби илмлар учун турли фанлар юзасидан зарур илмларга эга бўлишлари ва шу билан бирга, тарбия олишлари тўғрисидаги маълумотлар берилгандир.
Таълим ва тарбия борасидаги маълумотларни бир-биридан айри ҳолда тасаввур қилиш мумкин эмас. Бу иккиси бир жасаддаги бел ва қорин кабидир. Бири иккинчисисиз ҳеч нарсага ярамайди, балки ноқис ва мажруҳ бўлади. Бунинг исботи ва натижасини эса воқеликда ҳар қадамда учратиш мумкин. Шунинг учун ҳам дунё миқёсида инсониятнинг, хусусан, ёшларнинг тарбияси бузилиб кетаётгани тўғрисида тез-тез ташвишли хабарлар тарқатилади ва бу борада одамни даҳшатга соладиган рақамлар тақдим қилинади. Ваҳоланки, дунё мисолида оладиган бўлсак, XX-XXI асрларда аввалги асрлардагига нисбатан саводсизликка қарши кескинроқ чоралар кўрилди, таълим тизими кучайтирилиб, такомиллаштирилди. Умумий таълим кириб бормаган юрт деярли қолмади. Ҳаттоки баъзи мамлакатлар аҳолиси илм-фан бўйича инсон кўзи кўрмаган, қулоғи эшитмаган ютуқ ва тараққиётларни қўлга киритди. Лекин асосий кўзланган мақсадга эришилаётгани йўқ. Шунинг учун ҳам илм-фан ривожланган мамлакатларда тарбиясизлик, ахлоқсизлик, маънавиятсизлик, ориятсизлик, маданиятсизлик ва ҳаттоки инсон зотига мутлақо тўғри келмайдиган иллатлар кундан-кунга кенг кўламда ёйилиб боряпти. Албатта, бунинг сабаблари кўп. Шулардан бири ва энг асосийси «тарбия» деган буюк бир неъматдан, масъулият ва вазифадан юз ўгирилишидир.
Воқеликдан келиб чиқиб айта оламизки, фақат таълимнинг ўзи инсониятнинг ҳар тарафлама етук ва комил бўлишига кифоя қилмайди. Яъни инсон тарбиясиз бўлса, ўзи эга бўлган таълимидан эзгу йўлда эмас, балки ёвузлик ва жиноят йўлида фойдаланиши мумкин. Шунинг учун ҳам бизнинг шариатимизда ҳеч қайси фан тарбиядан айри ҳолда ўргатилмаган. Мисол учун, тафсир, ақоид, ҳадис, фиқҳ, мантиқ, балоғат, тарих, ҳаттоки араб тили дарслиги ҳам доимий ҳолда оят ва ҳадисларда келган тарбиявий маълумотлар билан бойитилган. Ижтимоий ва аниқ фанлар учун мўлжалланган дарсликлар ҳам албатта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган далиллар ва ҳужжатлар билан қувватланган. Масалан, математика, физика, кимё, география, биология, зоология ва ҳоказо, барча фанлардаги маълумотлар, албатта, шариат манбалари бўлмиш Қуръон ва ҳадисга боғлаш ва улардан далиллар олиш ва буюк алломаларнинг ҳаётларидан тарбияга оид мисолларни келтириш билан қувватланган. Шунинг учун ҳам мадрасаларда тарбия, ахлоқ-одоб, маданият ва маънавиятга тегишли алоҳида фан ва дарслик бўлмаган, балки бунга эҳтиёж ҳам қолмаган. Чунки ҳар қандай фан ва ушбу фандан таълим бераётган устоз тарбиявий жиҳатдан қониқарли, балки аъло даражада бўлган. Мазкур мулоҳазаларни эътиборга олиб, фақатгина таълим тўғрисида эмас, балки унинг ажралмас қисми бўлмиш тарбия тўғрисида ҳам имкон қадар маълумотлар келтирилди.
Ушбу китобда қалб ва унга тегишли бўлган ижобий ва салбий ҳолатлар тўғрисида, қолаверса, қалбга бўладиган ташқи ва ички таъсирлар, ҳужумлар, тажовузлар ва яна бошқа нарсалар тўғрисида ҳам маълумотлар берилди. Бунинг боиси шуки, қалб барча маълумотлар, хусусан, илм-маърифат, ахлоқ-одоб, таълим ва тарбиянинг маконидир. Шунинг учун ҳам қалбни турли иллатлардан тозаламасдан туриб, гўзал фазилатларга эришиб бўлмайди. Ушбу китобда бунинг ҳам йўл-йўриғи ва баъзи бир услублари ёритилган.