МУҚАДДИМАДАН
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Бандаларига умрида бир маротаба ҳаж қилишни фарз қилган, ҳар вақт умра ибодатини бажаришни суннат қилган, Ўз Пайғамбарига Ҳаж ва Фурқон сурасини нозил қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Ҳаж ва умра ибодатини адо этиш йўлларини умматга ўргатиб кетган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг оилаларига ва саҳобаларига кўплаб салавоту саломлар бўлсин!
Қуръон ва Суннатдан ҳаж ибодатларини ўрганиб, таҳлил этиб ва тартиблаб баён қилиб берган уламоларимизга Аллоҳ таолонинг раҳматлари бўлсин!
Мухлисларимизга яхши маълумки, «Ҳилол-нашр» нашриётимиз мўмин-мусулмонларга Ислом арконларини ўргатувчи муфассал китоблар силсиласини тақдим этишни режалаган эди. Алҳамдулиллаҳ, ушбу силсилага кирувчи «Мўминнинг меърожи» (муфассал намоз китоби), «Мўминнинг қалқони» (муфассал рўза китоби), «Мўминнинг нажоти» (муфассал закот китоби) нашр этилиб, ўқувчиларимиз томонидан севиб ўқиб-ўрганилмоқда.
Бугун сиз, азизларга ушбу силсилага кирувчи китобларнинг навбатдагиси – «Мўминнинг умр сафари» (муфассал ҳаж китоби)ни тақдим этаётганимиздан мамнунмиз. Бу китоб ҳаж ва умра ибодати ҳақида нашр этилган аввалги китоблардан шу билан фарқланадики, унда Аллоҳга севимли, ўта масъулиятли бу ҳам баданий, ҳам молий, ҳам руҳий ибодатнинг моҳияти, унинг рукнлари ва нусуклари, ҳаж ва умранинг фиқҳий асослари тартиби билан янада кенгроқ, тушунарлироқ ва муфассалроқ баён қилиб берилган.
Китобимизнинг аввалида ҳаж ибодати ҳақидаги умумий тушунчалар, ҳаж ва умранинг васфи ва фазилати ҳақида келган Қуръони Каримнинг ояти карималари ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари, ҳаж ибодатининг жорий этилиш тарихи, ҳажнинг турлари, бу ибодатни адо этиш билан боғлиқ макон ва замон тушунчалари кенг баён қилиб берилди. Шунингдек, китобдан ҳажнинг аҳкомлари, унинг одоблари, нозик сирлари, ҳажга тайёргарлик кўришда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақидаги масалалар ҳам ўрин олган.
Ҳар йили ҳаж ва умра қилиш учун сафарга чиқадиган минглаб мусулмонларимиз ўзларига керакли кийим, таом, маблағ ва бошқа нарсалар билан бирга ибодатларининг мақбул бўлиши учун ўта зарур бўлган рисола, қўлланмалардан олишса, мақбул иш бўлур эди. Шундай қилишса, ҳаж ибодатига киришар эканлар, уни қай тартибда адо қилишда, қайси ўринда нима қилиш кераклигини англашда, ҳаж ва умранинг фарз, вожиб, суннатларини ажратишда, қаерда қандай дуо ва зикрларни ўқишда қийналиб қолишмайди.
Ана шуларни ҳисобга олиб, мазкур китобимизда ҳаж ва умра қилишнинг тартиб-қоидалари, ҳаж ва умрада бажариладиган турли амаллар, эҳромга кириш, тавоф, саъй, бадал ҳажи кабиларни бажариш йўллари, ҳаж ва умрада беихтиёр йўл қўйиладиган хатолар ва уларнинг каффорати атрофлича баён қилиб берилди. Шунингдек, Мино, Арафот, Муздалифа, Жамарот, Мадинаи мунаввара каби маконларда қандай амаллар адо этилиши ҳам тартиби билан ёритилди. Китобимизда аёлларнинг ҳаж қилишдаги ҳолатлари, бунда уларнинг эркаклардан қандай фарқланишлари масалалари ҳам батафсил кўрсатиб берилган.
Нашриёт: «HILOL NASHR» Нашриёти
Сана: 2016
Ҳажми: 232 бет
ISBN: 978-9943-4633-3-2
Ўлчами: 84×108 1/32