Ер юзида яшаб ўтган жамики инсонларнинг энг мумтоз ва олиймақом вакиллари Одам Алайҳиссалом билан бошланган пайғамбарлар силсиласидир. Бу силсиланинг энг буюк ва энг мукаммал халқаси эса, шубҳасиз, сўнгги Пайғамбар - Муҳаммад Соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Зеро, у зотда ўзларидан аввалги барча пайғамбарларга ато этилган юксак ахлоқ ва фазилатлар жамланган бўлиб, Хотамул Анбиё (сўнгги пайғамбар) ўлароқ, жамики пайғамбарларга раис, уларнинг динларига том маънода ворис, ўзларидан кейин келган ва у зотнинг тарбиялари билан комилликка эришган миллионлаб валийлар, уламо ва фузалоларга устоз, мураббий бўлдилар.
Ижтимоий жиҳатдан жуда қолоқ жамиятга, ҳеч ким эмин-эркин яшай олмайдиган қоронғи бир дунё осмонида порлаган бу ҳидоят Қуёши ўзи келтирган саодат дастури ила қисқа вақт ичида юқори савияли ва юксак ахлоқли инсонлар яшайдиган хавфсиз ижтимоий тузумни ташкил қилди. Мана шундай тенгсиз, нуроний шахсият соҳиби бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йигирма уч йиллик қисқа муддат ичида бутун дунёнинг душманларига ва хар турли монеликларга қарамай, муваффақият қозонган моддий ва маънавий инқилоби дўсту душманда бирдек ҳайрат ва эътироф ҳиссини уйғотди.
Кўп нарсани унуттиришга, эскиртиришга ва йўқликка маҳкум қилишга қодир бўлган ВАҚТ сарвари Коинотнинг нуроний садосини унуттириш, эскиртириш ўрнига уни янада жўшқин бир шаклда меҳр-муҳаббат ила бугунги кунимизга қадар етказди. Бу жараён Қиматга қадар шундай давом этажак! Бугун у зотнинг Асри Саодатидан етиб келган қудсий ишора ва садолар руҳиятимизда, қалбимиз ва виждонимизда ажиб туйғу, ҳаяжон ва ҳашам ила акс садо бермоқда, бизга янги ҳаёт, янги севги, янги умид, матонат ва жасорат бахш этмоқда.